1. Бош саҳифа
  2. Ёрдам маркази
  3. Office плагинлари
  4. Фаоллаштириш
Office плагинлари (Word, Excel, PowerPoint)

Плагин лицензиясини фаоллаштириш

Сайтда API калити яратинг ва уни бир марта — Word, Excel ёки PowerPoint’да фаоллаштиринг: қолган икки илова лицензияни ўзи олади. Калитдаги компьютерларни бошқариш, муддатни узайтириш ва офлайн фаоллаштириш.

Янгиланган:

Лицензия қандай ишлайди

Плагин O‘zOffice обунангиз билан ишлайди. Уни ҳисобингизга улаш учун API калити керак — бу сайтда яратиладиган махфий сатр. Калитни Word, Excel ёки PowerPoint’даги плагинга қўясиз, плагин уни сервер орқали текширади ва компьютерингизни шу калитга боғлайди.

Учта илова — битта лицензия
Word, Excel ва PowerPoint плагинлари битта лицензиядан фойдаланади. Бир иловада фаоллаштириш кифоя, компьютер калитда битта қурилма сифатида ҳисобланади
Калитлар сони
Тарифингизга боғлиқ. 7 кунлик бепул синовда — 1 та калит
Бир калитга нечта компьютер
Тарифингизга боғлиқ. 7 кунлик бепул синовда — 1 та компьютер
Калит муддати
Калит яратилган пайтдаги обунангизнинг тугаш санаси
Қаерда бошқарилади
API калитлари саҳифаси (Профил → API калитлари)

Тарифлар ва улардаги калитлар сони: Обуналар.

1. Сайтда API калити яратиш

  1. API калитлари саҳифасини очинг

    O‘zOffice ҳисобингизга киринг ва uzoffice.uz/api-keys манзилига ўтинг (ёки профил созламаларида API калитлари бўлимини танланг).

  2. “Калит яратиш” тугмасини босинг

    API калит яратиш ойнаси очилади. Ёрлиқ майдонига калит қайси компьютер учунлигини ёзинг, масалан “Иш компьютери” ёки “Уй ноутбуки”. Ном кейинчалик калитларни ажратишга ёрдам беради.

  3. “Яратиш” ни босинг

    Калитингиз тайёр ойнаси чиқади.

  4. Калитни нусхаланг

    Калитни нусхалаш тугмасини босинг — калит хотирага кўчирилади. Плагин ҳали ўрнатилмаган бўлса, шу ойнадаги Плагинни юклаб олиш тугмасидан фойдаланинг. Ойнани Тайёр билан ёпинг.

    Калит яратилгандан кейинги ойна: ① Калитни нусхалаш тугмаси. Намунадаги калит ўйлаб топилган.

Калит йўқолмайди: у доим API калитлари саҳифасида сақланади. У ерда калит яширилган ҳолда кўринади — кўз белгиси уни очади, Нусха олиш тугмаси нусхалайди.

“Калит яратиш” тугмаси йўқми?

Фаол обуна бўлмаса, саҳифада “Ҳозир сизда фаол обуна йўқ, шунинг учун API калити берилмайди” деган ёзув ва Тариф танлаш тугмаси чиқади. Калитлар сони тариф чегарасига етган бўлса — “Сизга рухсат берилган API калитларининг максимал сонига етдингиз”. Тарифни оширинг ёки кераксиз калитни ўчиринг.

Калит — парол каби махфий маълумот. Уни бошқаларга берманг: калитга эга ҳар ким уни ўз компьютерида фаоллаштириб, сизнинг қурилмалар сонини банд қилиши мумкин.

2. Онлайн фаоллаштириш

  1. Лицензия ойнасини очинг

    Word, Excel ёки PowerPoint’да — қайси бири қулай бўлса — Matn tahriri ёрлиғидаги Litsenziya тугмасини босинг. UzOffice — Litsenziya va faollashtirish ойнаси очилади.

  2. Калитни қўйинг

    Onlayn faollashtirish гуруҳидаги Litsenziya kaliti майдонига (①) нусхаланган калитни қўйинг: Ctrl+V. Калит бошида ёки охирида ортиқча белги қолмаганига ишонч ҳосил қилинг.

  3. “Фаоллаштириш” ни босинг

    Faollashtirish тугмасини (②) босинг. Компьютер интернетга уланган бўлиши керак. Бир неча сониядан кейин “Litsenziya muvaffaqiyatli faollashtirildi.” хабари чиқади: унда Word, Excel ва PowerPoint плагинлари ҳаммаси шу лицензия билан ишлаши айтилади.

    Лицензия ойнаси: ① калит майдони, ② Faollashtirish тугмаси. Фаоллаштирилгач, юқорида ● Onlayn faollashtirilgan, пастда исм ва тугаш санаси кўринади. Маълумотлар намуна учун.
  4. Тугмалар пайдо бўлади

    Yozuvni oʻgirish ва Imlo tekshiruvi гуруҳлари (Word’да — Imlo: lotin alifbosi ҳам) дарҳол чиқади. Қайта ишга тушириш шарт эмас. Агар чиқмаса, иловани ёпиб, қайта очинг.

Фаоллаштирилгач, плагин ҳар сафар Word, Excel ёки PowerPoint очилганда лицензияни фонда текширади. Интернет бўлмаса, плагин ишлашда давом этади. Сервер калитни рад этса (масалан, калит ўчирилган ёки муддати тугаган бўлса), плагин функциялари ўчади ва сабаби хабарда ёзилади (Word ва Excel’да — ҳолат сатрида, PowerPoint’да — ойна пастида).

Word, Excel ва PowerPoint учун битта лицензия

Учала плагин битта лицензияни баҳам кўради. Қайси иловада фаоллаштирсангиз ҳам, натижа бир хил:

  • Қайта киритиш шарт эмас. Word’да фаоллаштирсангиз, Excel ва PowerPoint’да калитни яна киритмайсиз — улар лицензияни ўзи кўради.
  • Очиқ иловалар ҳам дарҳол олади. Excel ёки PowerPoint очиқ турган бўлса, уларнинг ойнасига ўтишингиз (китоб, катак ёки слайдни алмаштиришингиз) билан тугмалар пайдо бўлади.
  • Битта қурилма. Бир компьютердаги учта илова калитда битта қурилма сифатида ҳисобланади — қўшимча жой эгалламайди.
  • Ҳолат ҳам умумий. Калитни алмаштирсангиз, муддат тугаса ёки калит ўчирилса, бу учала иловага бирдек таъсир қилади.

Litsenziya ойнаси учала иловада бир хил — ҳолатни исталганидан кўришингиз мумкин.

Лицензия ҳолатини кўриш

Litsenziya тугмасини исталган вақтда босиб, ҳолатни текширишингиз мумкин:

  • Ойна тепасида фаоллаштириш тури: ● Onlayn faollashtirilgan, ● Oflayn faollashtirilgan ёки ● Faollashtirilmagan.
  • F.I.Sh — калит эгасининг исми (O‘zOffice профилингиздаги исм).
  • Tugash sanasi — лицензия қайси кунгача амал қилиши.
  • Ойна пастида — Plagin versiyasi ва Yangilanishni tekshirish ҳаволаси.

Сайтдаги API калитлари саҳифасида эса ҳар бир калитнинг муддати, ҳолати ва унга уланган компьютерлар кўринади.

Қурилмалар сони ва компьютерни алмаштириш

Ҳар бир калитга тарифингизда белгиланган миқдордаги компьютер уланиши мумкин. Биринчи фаоллаштиришда компьютер калитга боғланади ва битта жойни эгаллайди. Шу компьютерда қайта фаоллаштириш (масалан, плагинни қайта ўрнатгач) янги жой олмайди. Word, Excel ва PowerPoint битта компьютерда биргаликда битта жой эгаллайди.

Қайси компьютерлар уланганини кўриш учун API калитлари саҳифасида калит остидаги Қурилмаларни кўрсатиш ни очинг: уланган компьютерлар ва улар охирги марта қачон ишлатилгани кўрсатилади.

Жой тугаган бўлса, янги компьютерда “Device limit reached for this API key.” хатоси чиқади. Бунда:

  • Бошқа калитдан фойдаланинг — тарифингиз бир нечта калитга рухсат берса, янги компьютер учун алоҳида калит яратинг.
  • Эски компьютерни узиш — сайтда қурилмани ўзингиз ўчира олмайсиз. Қўллаб-қувватлаш хизматига ёзинг ва қайси калит ҳамда қайси компьютерни узиш кераклигини айтинг — жой бўшатилади.
  • Калитни алмаштириш — эски калитни ўчириб (калит менюси → Ўчириш), янгисини яратишингиз мумкин. Диққат: ўчирилган калит уланган барча компьютерларда плагин ишламай қолади, уларни янги калит билан қайта фаоллаштириш керак бўлади.
  • Тарифни ошириш — каттароқ тариф кўпроқ калит ва қурилма беради. Янги чегаралар тариф ўзгаргандан кейин яратилган калитларга қўлланади.

Муддат тугаши ва узайтириш

Калит яратилганда унга обунангизнинг ўша пайтдаги тугаш санаси ёзилади. Шу сана ўтгач:

  • илова очилганда “❌ Litsenziya muddati … kuni tugagan.” ёки “❌ Litsenziya faol emas (Expired)…” каби хабар чиқади (Word ва Excel’да — ҳолат сатрида);
  • учала илова лентасида яна фақат Yordam ва Litsenziya гуруҳлари қолади. Ҳужжатларингизга ҳеч нарса бўлмайди.

Плагинни қайта ишлатиш учун:

  1. Обунани узайтиринг ёки янги тариф олинг

    Сайтда обунангизни янгиланг.

  2. Янги калит яратинг

    Эски калитнинг муддати ўзгармайди — у яратилган пайтдаги санада қолади. Шунинг учун API калитлари саҳифасида янги калит яратинг. Муддати тугаган калитлар калитлар сони чегарасига кирмайди. Агар эски калит ҳали амал қилаётган бўлса ва чегарага етган бўлсангиз, аввал уни ўчиринг.

  3. Янги калитни фаоллаштиринг

    Исталган иловада Litsenziya ойнасини очинг, эски калит ўрнига янгисини қўйинг ва Faollashtirish ни босинг — қолган иловалар ҳам янги калит билан ишлайди.

Интернетсиз (офлайн) фаоллаштириш

Компьютер интернетга умуман уланмайдиган бўлса (масалан, ёпиқ корпоратив тармоқда), плагинни офлайн фаоллаштириш мумкин. Бунинг учун қўллаб-қувватлаш хизмати фақат шу компьютерда ишлайдиган махсус офлайн калит тайёрлайди.

  1. Компьютер ID ни нусхаланг

    Litsenziya ойнасидаги Oflayn faollashtirish гуруҳида Kompyuter ID ёнидаги Nusxa olish тугмасини босинг.

  2. Қўллаб-қувватлаш хизматига юборинг

    Компьютер ID ни O‘zOffice ҳисобингиз э-почтаси билан бирга қўллаб-қувватлаш хизматига юборинг (Telegram ёки э-почта орқали — буни бошқа, интернетга уланган қурилмадан қилишингиз мумкин).

  3. Офлайн калитни қўйинг

    Сизга юборилган узун калит матнини Kompyuter ID остидаги катта майдонга тўлиқ қўйинг.

  4. “Офлайн фаоллаштириш” ни босинг

    “Oflayn litsenziya faollashtirildi.” хабари чиқади. Офлайн лицензия ҳам Word, Excel ва PowerPoint учун умумий.

Офлайн калит фақат Компьютер ID си кўрсатилган компьютерда ишлайди ва ўз муддатига эга. Бир компьютерда бир вақтда фақат битта тур фаоллаштириш бўлади: онлайн фаоллаштиришга ўтсангиз, плагин офлайн лицензия ўчирилишини сўраб огоҳлантиради (ва аксинча).

Фаоллаштириш хатолари

Сервер хабарлари инглиз тилида чиқади. Қуйида уларнинг маъноси ва нима қилиш кераклиги:

ХабарМаъносиНима қилиш керак
Litsenziya kalitini kiriting!Калит майдони бўш.Калитни сайтдан нусхалаб, майдонга қўйинг.
Invalid API key.Бундай калит топилмади.Калит тўлиқ нусхаланганини текширинг — энг яхшиси, сайтдаги Нусха олиш тугмаси билан қайта нусхаланг. Бўш жой ёки қатор узилиши қолмасин.
Key is expired.Калит муддати ёки обунангиз тугаган.Обунани узайтиринг ва янги калит яратинг.
Key is deleted.Калит сайтда ўчирилган.Янги калит яратинг ва уни фаоллаштиринг.
Key is blocked. / Key is inactive.Калит ёки ҳисоб блокланган ёки фаол эмас.Қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилинг.
Device limit reached for this API key.Калитдаги барча компьютер жойлари банд.Бошқа калитдан фойдаланинг ёки жой бўшатинг — қурилмалар бўлими.
Device is deactivated.Бу компьютер шу калитдан узилган.Бошқа калит билан фаоллаштиринг ёки қўллаб-қувватлаш хизматига ёзинг.
Device activation has expired.Компьютернинг шу калитдаги фаоллаштириш муддати ўтган.Янги калит яратинг ва у билан фаоллаштиринг.
Internet mavjud emas yoki serverga ulanib boʻlmadi.Сервер билан алоқа йўқ.Интернетни текширинг. Корхона тармоғида uzoffice.uz га уланишни прокси ёки хавфсизлик девори тўсмаётганини администратордан сўранг. Бўлмаса — офлайн фаоллаштириш.
Serverdan javob olinmadi.Сервер жавоб қайтармади.Бироздан кейин қайта уриниб кўринг.
Kalit ichidagi qurilma ushbu qurilma bilan mos kelmadi.Офлайн калит бошқа компьютер учун тайёрланган.Шу компьютернинг Kompyuter ID сини юбориб, янги офлайн калит сўранг.
Kalit muddati tugagan: …Офлайн калитнинг муддати ўтган.Янги офлайн калит сўранг.

Бошқа муаммолар: Муаммоларни ҳал қилиш.

Саволингиз қолдими?

Ёрдам хизмати ўзбек, рус ва инглиз тилларида жавоб беради — одатда шу иш куни ичида.