1. Бош саҳифа
  2. Ёрдам маркази
  3. Ҳужжат ёрдамчиси
Ҳужжат ва жадваллар

Ҳужжат ёрдамчиси: ҳужжатни суҳбат орқали тайёрлаш

Вазиятингизни оддий сўзлар билан ёзинг — ёрдамчи 300 га яқин ҳужжат туридан мосини топади, керакли маълумотларни бирма-бир сўрайди ва тўлдирилган ҳужжатни лотин ёки кирилл ёзувида тайёрлайди.

Янгиланган:

Ҳужжат ёрдамчиси нима

Ҳужжат ёрдамчиси — вазиятингизни оддий сўзлар билан ёзганингизда керакли ҳужжатни топиб, уни сиз билан бирга тўлдирадиган суҳбатдош. Ҳужжатнинг расмий номини ёки тузилишини билиш шарт эмас: “квартирамни бир йилга ижарага бермоқчиман” ёки “дўстимга қарз бердим” деб ёзасиз, ёрдамчи мос ҳужжатни танлайди, етишмаган маълумотларни бирма-бир сўрайди ва тўлдирилган ҳужжатни тайёрлаб беради.

Ҳужжат ёрдамчиси: чапда суҳбат, ўнгда тўлдирилаётган ҳужжатнинг кўриниши
Суҳбат чапда, ҳужжат кўриниши ўнгда — у ҳар жавобдан кейин янгиланади.
Қаерда
Бошқарув панелининг чап менюсидаги Ҳужжат ёрдамчиси бўлими ёки /досументс/ассистант манзили.
Қандай ҳужжатлар
300 га яқин ҳужжат тури: олди-сотди, ижара, қарз, пудрат ва хизмат кўрсатиш шартномалари; кадрлар бўйича буйруқ, меҳнат шартномаси ва ходим аризалари; судга даъво, ариза, илтимоснома ва шикоятлар; ишончномалар, талабномалар ва давлат органларига мурожаатлар.
Қайси тилда ёзиш мумкин
Ўзбекча (лотин ёки кирилл ёзувида) ва русча. Тайёр ҳужжат ўзбек тилида — лотин ёки кирилл ёзувида бўлади.
Ким фойдалана олади
Рўйхатдан ўтган ҳар бир фойдаланувчи. Бир ойда ёрдамчи орқали тайёрланадиган ҳужжатлар сони тарифга боғлиқ; тайёр ҳужжатни юклаб олиш учун фаол обуна керак (рўйхатдан ўтгач 7 кунлик бепул синов берилади).

Суҳбатни бошлаш

  1. Ёрдамчини очинг

    Чап менюдаги Ҳужжат ёрдамчисини босинг. Бошлаш экранида “Қандай ҳужжат керак?” майдони, тайёр мисоллар ва охирги суҳбатларингиз бор.

  2. Вазиятингизни ёзинг

    Нима бўлганини ва нима қилмоқчи эканингизни ўз сўзларингиз билан ёзинг ёки Масалан қаторидаги тайёр мисоллардан бирини босинг. Enter — юбориш, Shift+Enter — янги қатор.

  3. Ҳужжатни тасдиқланг

    Ёрдамчи қайси ҳужжат керак деб ўйлаганини айтади ва тўғрими деб сўрайди — Ҳа, шу ҳужжат ёки Бошқа ҳужжатни танланг. Вазият ноаниқ бўлса, у аввал битта аниқлаштирувчи савол беради ва жавоб вариантларини кўрсатади: ҳужжат номлари эмас, оддий вазиятлар (масалан, “пулни қайтаришмаяпти” ёки “қарз бериш учун шартнома керак”).

Биринчи хабарда кўпроқ ёзинг

Ким, кимга, нима учун, қанча ва қачон — билганингизни биринчи хабардаёқ ёзинг: “Тошкентдаги 2 хонали квартирамни Алиев Валига 1-ноябрдан бир йилга ойига 4 млн сўмдан ижарага бераман”. Ёрдамчи хабардаги ҳамма маълумотни ўзи олади ва уларни қайта сўрамайди.

Саволларга жавоб бериш

Ҳужжат танлангач, ёрдамчи етишмаган маълумотларни биттадан сўрайди. Жавобни оддий сўзлар билан ёзаверинг — у сана, сумма, телефон ва бошқа қийматларни ўзи танийди.

Нима сўралгандаҚандай жавоб бериш мумкин
Сана“1-ноябр 2026”, “01.11.2026” ёки тақвимдан танланг; Бугун ва Эртага тугмалари ҳам бор.
Сумма ёки сон“5 000 000”, “5 млн” ёки “беш миллион”.
Вариантли саволТугмалардан бирини босинг ёки жавобни ўзингиз ёзинг.
Ҳужжат тарафи (шахс ёки ташкилот)Карточкадаги майдонларни тўлдиринг ёки ҳаммасини битта хабарда ёзинг — ёрдамчи карточкага ўзи жойлайди. * белгили майдонлар мажбурий.
  • Ўтказиб юбориш — билмаган саволни кейинга қолдиради; уни ҳужжатни очганда тўлдирасиз.
  • Бу нима? — савол нимани англатишини ва намунавий жавобни кўрсатади.
  • Орқага — охирги жавобни бекор қилиб, ўша саволни қайта беради.
  • Суҳбат сарлавҳасидаги чизиқ нечта саволга жавоб берилганини кўрсатади (масалан, “11 / 24 савол”).
  • Кенг экранда ҳужжат кўриниши ўнг томонда доим туради ва ҳар жавобдан кейин янгиланади; унинг пастидаги Лотин / Кирилл тугмалари ёзувни алмаштиради. Телефон ва кичик экранларда ҳужжатни сарлавҳадаги Ҳужжат тугмаси очади.

Ёрдамчи жавобларни текширади: масалан, умумий сумма босқичлар йиғиндисига тўғри келмаса, қайси бири тўғри эканини сўрайди.

Текшириш ва ҳужжатни очиш

Асосий маълумотлар тўплангач, ёрдамчи ихтиёрий бандларни ҳам тўлдиришни таклиф қилади (Ҳа, тўлдирамиз ёки Йўқ, ҳужжатга ўтамиз). Сўнг барча жавоблар рўйхати чиқади — бирор қийматни ўзгартириш учун унинг ёнидаги қаламчани босинг ёки чатга ёзинг, масалан: “нархни 6 млн қилинг”.

Ҳужжатни очиш тугмаси тўлдирилган ҳужжатни алоҳида саҳифада очади:

Тўлдирилган ҳужжат саҳифаси: чапда маълумотлар формаси, ўнгда ҳужжат матни, юқорида Лотин/Кирилл ва DOCX тугмалари
Ҳужжат саҳифаси: маълумотлар ва ҳужжат матни ёнма-ён, юқорида ёзув ва сақлаш тугмалари.
  • Чап томондаги бўлимларда (масалан, “Шартнома реквизитлари”, “Тарафлар”) ёрдамчи тўлдирган қийматларни текширасиз ва ўтказиб юборилганларини киритасиз; ҳар бир бўлим нечта майдони тўлганини кўрсатади, ҳужжат матни эса дарҳол янгиланади. Юқоридаги фоиз ва тугмаси тўлдирилмаган ёки текширилиши керак бўлган жойга олиб боради.
  • Лотин / Кирилл — ҳужжат ёзувини танлайди.
  • DOCX — ҳужжатни Word файлида юклаб олади; Муҳаррирда очиш — уни “Ҳужжатларим”га сақлаб, O‘zOffice матн муҳарририда очади.
  • Изоҳлар ва қонуний асос — ҳужжат қайси қонун ҳужжатлари асосида тузилгани ва муҳим эслатмалар.
  • Сақланган реквизитлар — тез-тез ишлатиладиган ташкилот ёки шахс маълумотларини сақлаб, кейинги ҳужжатларда бир босишда қўйиш.
  • Бета белгиси ҳужжат ҳали қўшимча текширувдан ўтаётганини билдиради — уни айниқса диққат билан ўқинг.

Ҳужжатни албатта ўқиб чиқинг

Ёрдамчи сунъий интеллектга асосланган ва хато қилиши мумкин; у юридик маслаҳат бермайди. Имзолаш ёки бирор органга топширишдан олдин ҳужжат мазмуни, исм-шарифлар, суммалар ва саналарни текширинг. Муҳим битимларда ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг.

Ишни кейин давом эттириш

Суҳбатнинг ҳар бир қадами ва ҳужжат саҳифасидаги ҳар бир ўзгариш автоматик сақланади. Браузерни ёпсангиз ёки бошқа қурилмадан кирсангиз ҳам тўхтаган жойингиздан давом эттирасиз.

  • Ёрдамчининг бошлаш экранида тугалланмаган иш бўлса, Тугалланмаган ишингиз бор картаси чиқади; пастда Охирги суҳбатлар рўйхати бор.
  • Чап менюдаги Қораламалар саҳифасида барча ишлар уч бўлимда: Жараёнда, Тайёр ва Суҳбатлар. Кераксиз ёзувни Рўйхатдан олиб ташлаш мумкин — дарҳол чиқадиган Қайтариш тугмаси уни қайтаради.
  • Бошқа ҳужжат керак бўлса, суҳбат менюсидан () Янги суҳбатни танланг — жорий суҳбат сақланиб қолади.

Лимит ва обуна

  • Бир ойда ёрдамчи орқали тайёрланадиган ҳужжатлар сони тарифингизга боғлиқ. Жорий ҳолат бошлаш экранида кўринади: “Бу ой ёрдамчи орқали: 2 / 5 та ҳужжат”.
  • Ҳужжат тури танланганда у лимитдан битта ҳисобланади. Ҳужжат танланмаган суҳбатлар (аниқлаштириш босқичида қолган ёки мос ҳужжат топилмаган) ҳисобланмайди.
  • Лимит тугаса, аллақачон бошланган ҳужжатларни давом эттириш мумкин; янгисини кейинги ой ёки тарифни оширгач бошлайсиз.
  • Тайёр ҳужжатни DOCX юклаб олиш ёки муҳаррирда очиш учун фаол обуна керак.
  • Битта хабар 1000 белгигача бўлиши мумкин.
  • Сунъий интеллект хизмати вақтинча ишламай қолса, ёрдамчи соддалаштирилган режимда ишлайди: ҳужжат ва жавобларни тугмалар орқали танлайсиз.

Маълумотларингиз хавфсизлиги

Хабарларингизни тушуниш учун ёрдамчи Ўзбекистондан ташқарида жойлашган сунъий интеллект хизматидан фойдаланади. Шунинг учун:

  • паспорт, ЖШШИР, банк картаси ва ҳисоб рақамлари, телефон, электрон почта, СТИР ва МФО юборишдан олдин яширин белгилар билан алмаштирилади — ҳақиқий қийматлар фақат ҳужжатингизга ёзилади;
  • тараф карточкасига киритилган маълумотлар сунъий интеллект хизматига умуман юборилмайди;
  • фамилия, исм, манзил ва ташкилот номи маънони тушуниш учун керак, шунинг учун улар яширилмайди — ошкор қилишни истамаган маълумотни ёзманг;
  • суҳбат менюсидаги Суҳбатдан хизматни яхшилашда фойдаланишга рухсат бераман белгиси сукут бўйича ўчиқ; уни ўзингиз ёқсангизгина суҳбатдан ёрдамчини яхшилашда фойдаланамиз.

Батафсил: Махфийлик сиёсати — Ҳужжат ёрдамчиси ва сунъий интеллект.

Кўп бериладиган саволлар

Ёрдамчи керакли ҳужжатни топмаса-чи?

Вазиятни бошқача сўзлар билан ёзиб кўринг: ким, кимга ва нима учун. Мос ҳужжат бўлмаса, сўровингиз қайд этилади — янги ҳужжатлар айнан шундай сўровлар асосида қўшилади. Кундалик ариза ва хатлар учун ҳужжат намуналаридан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Русча ёзсам бўладими?

Ҳа. Ёрдамчи ўзбекча (лотин ва кирилл) ҳамда русча хабарларни тушунади. Тайёр ҳужжат ўзбек тилида бўлади — лотин ёки кирилл ёзувини ҳужжат саҳифасида танлайсиз.

Ёрдамчи юридик маслаҳат берадими?

Йўқ. У ҳужжатни танлаш ва тўлдиришга ёрдам беради, лекин адвокат ёки юрист ўрнини босмайди. Ҳужжат амалдаги қонунчилик асосида тузилади, бироқ уни вазиятингизга мослигини ўзингиз текширасиз.

Тайёр ҳужжатни Microsoft Word’да таҳрирласа бўладими?

Ҳа, DOCX тугмаси оддий Word файлини беради. Word’да ўзбекча имло текшируви керак бўлса, O‘zOffice Word плагинини ўрнатинг.

Жавобни нотўғри ёзиб юборсам-чи?

Чатга тўғрисини ёзинг (“сана 5-ноябр бўлсин”) ёки текшириш рўйхатидаги қаламчани босинг. Ҳужжат саҳифасида ҳам исталган қийматни ўзгартириш мумкин.

Саволингиз қолдими?

Ёрдам хизмати ўзбек, рус ва инглиз тилларида жавоб беради — одатда шу иш куни ичида.